05
Май
2018

Янги қарор: Сув хўжалиги вазирлиги 10 кун муддатда сув олиш лимитларини ишлаб чиқади


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси “Фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Белгиланишича, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб фермер хўжаликлари тасарруфидаги электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускуналари билан таъминланган насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириш учун истеъмол қилган электр энергияси қиймати Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар хокимликлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда:

сув истеъмолчилари уюшмалари тасарруфидаги насос агрегатлари ва суғориш қудуқларини улардан фойдаланувчи тегишли фермер хўжаликларига сув истеъмолчилари уюшмаларининг розилиги билан белгиланган тартибда 2018 йил 1 июнга қадар бепул ўтказиб беришни таъминлайдилар;

ҳар йилнинг 1 апрель ҳолатига фермер хўжаликлари насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг техник ҳолатини, уларга бириктирилган сугориладиган ер майдонларини, жумладан пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириладиган ерларни хатловдан ўтказсинлар хамда тегишли далолатномаларни расмийлаштирадилар;

ҳар йил 1 майга қадар келгуси йилда пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси прогноз қийматини Давлат бюджетидан қоплаш бўйича асосланган талабномаларни Сув хўжалиги вазирлигига тақдим қиладилар.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги 10 кун муддатда сув манбаларининг сувлилигига қараб сув олиш лимитларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаб жойлардаги барча сувдан фойдаланувчиларга етказади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги ва вилоятлар молия бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини Давлат бюджетидан қоплаш бўйича тақдим қилинган талабномаларга асосан ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан 2018 йил учун тегишли миқдорда Давлат бюджети маблағини ажратади ҳамда келгуси йиллар учун Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда эътиборга олади;

пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг мақсадли фойдаланилиши устидан назорат ўрнатади.

Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси харажатларини қоплаш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг йил якуни бўйича иқтисод қилинган қисми тегишли насос агрегатлари ва суғориш қудуқларини таъмирлаш ҳамда электр энергиясини тежовчи технологияларни жорий этиш учун фермер хўжаликлари ихтиёрида қолдирилади.

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқларини шартнома ва олдиндан тўлов асосида ўз вақтида электр энергияси билан таъминлайди.

манба: kun.uz


print